Гудхарт қонунияти

Автор: | 24.11.2020
0
(0)
image_pdfimage_print

Чарлез Гудхарт деган Британ иқтисодчиси номи билан машхур бир қонуният бор:

“Агар ўлчов мақсадга айланса, ўлчов ўзининг қийматини йўқотади.”

Яъни, ҳар қандай кузатиладиган статистик қонуният, агар унга назорат мақсадида босим ўтказилса, бузилади. Бунда иккита ҳолат юз бериши мумкин:

биринчидан, мазкур қўйилган кўрсаткичга етиш учун одамлар ҳар қандай ишни амалга ошира бошласа;

иккинчидан, мазкур мақсад бош приоритетга айланиб, бошқа оқибатлар эътибордан четда қолади.

Бу қонуниятга мисолларни ҳар қадамда учратиш мумкин. Масалан, иқтисодни олсак – бутун дунёда иқтисодий ўсиш асосий мақсадга айланди. Ўсиш билан овора бўлиб, иқтисодий тенгсизлик муаммоси пайдо бўлди ва бу масала бугунда кўплаб давлатларнинг асосий бош оғриғи.

Ёки, 2008 йилга қадар паст инфляция асосий таргетга айланди, бироқ молиявий барқарорлик масалалари эътибордан четда қолди.

Ўзбекистонда ҳам мазкур қонуниятни амалда кўп учратиш мумкин. Мана, масалан, айрим ҳудудларда экспорт кўрсаткичларини ошириш мақсадида ҳудуддаги раҳбарлар экспортерлар олдида сунъий тўсиқларни қўймоқда. Ёки, ҳар ойда солиқ планини бажариш учун тадбиркорлардан солиқ тўловларини олдиндан тўлашни илтимос қилиш, ҳудудларда нарх-навони ўсишига чегара қўйиш, янги қурилган объектларни байрам кунларига топшириш кабилар мисол бўлиши мумкин.

Шунинг учун маълум бир ҳолатга баҳо бераётганда ягона метрикадан фойдаланишдан имкон қадар қочиш; қарор қабул қилиш учун миқдорий эмас, сифат кўрсаткичларига каттароқ вазн бериш мақсадга мувофиқ.

Жахон иқтисоди қанчалик «долларлашган

1. АҚШ иқтисоди:

— жахон савдосининг 10 фоизи;

— глобал ЯИМнинг 15 фоизини ташкил этади.

2. АҚШ доллари глобал молия бозорида:

— дунё давлатларининг 1/3 қисми ўз валюталарини доллар курсига боғлаган;

— жами глобал савдонинг 50 фоизи долларда хисоб-китоб қилинади;

— ривожланаетган давлатлар ташқи қарзининг 2/3 қисми долларда деноминацияланган;

— жами давлатлар валюта захирасининг 2/3 қисми долларда сақланади.

Бу феномен давлатлар учун қуйидаги сигнални беради:

«Бизнинг доллар сизнинг муаммоингиз эди, энди эса бизнинг хар қандай муаммоимиз сизнинг муаммоингизга айланди“.

“Dosanomics”

Ҳеч кимга сир эмас иқтисодиётимизнинг энг асосий муаммоси сурункали равишда нархларнинг кўтарилиши ҳисобланади. Юқори инфляциядан паст инфляцияга ўтиш ҳар доим ҳар ерда оғир кечган. Бунда муҳим нарса Марказий банк ўзининг сиёсатини одамларга осон тилда тушунтириши, улар билан содда, жайдари тилда мулоқот қилиши зарур. 

Шу ўринда, Хиндистон Марказий банкининг собиқ раҳбари машҳур иқтисодчи Рагурам Ражан одамларга паст инфляция (паст фоиз ставкаси) юқори инфляция (юқори фоиз ставкаси)дан нима учун афзаллигини Доса деган хиндлар кўп истеъмол қиладиган маҳсулот билан содда қилиб тушунтириб берган. Унинг бу тушунитриши кейинчалик “Dosanomics” деб ном олди.

Муаммо шунда эдики, юқори инфляция шароитида пенсионерлар ўзларининг депозитлари учун юқори номинал ставкада даромад олиб келишган, бироқ инфляциянинг пасайиши ва унинг ортидан депозит ставкаларнинг ҳам тушиши одамларни ҳавотирга туширган. Шунда Ражан Хиндистонда кузатилган қуйидаги иккита ценарийни мисол қилиб, вазиятни равшанлаштирган:

(A) 10% фоиз омонат учун ставка ва 10% инфляция;

(B) 8% фоиз омонат учун ставка ва 5% инфляция.

Рагурам (B) ҳолат (A) дан кўра яхши эканлигини Доса орқали тушунтириб берган: 

Досанинг донаси 500 бирлик бўлсин. Шунда, биз бугун 100 минг бирлик пулга 200 дона доса сотиб олишимиз мумкин.

(А) ҳолатда: йиллик инфляция 10% бўлганда досанинг нархи бир йилдан сўнг 550 бирлик бўлади. 100 минг бирлик пулни 10%дан 1 йилга омонатга қўйилса, 10 минг сўм устама (фоиз) оламиз. Жами пулимиз шунда 110 минг бирлик бўлади ва унга жами 200 дона доса сотиб олишимиз мумкин.

(B) ҳолатда эса доса нархи бир йилдан сўнг 525 бирлик бўлади. 100 минг бирлик пулни 8%дан 1 йилга омонатга қўйилса, 108 минг сўмга айланади. Шунда жами 205 дона доса сотиб олишимиз мумкин бўлади.

Яъни паст инфляция шаротида жамғарувчи 5 бирлик кўпроқ досани сотиб олиш имкониятига эга бўлмоқда.

Тўғри, юқори инфляция шароитида омонатга қўйилган пулдан юқори даромад оламиз бироқ, юқори инфляция яширин тарзда жамғармамизнинг асосий қисмини “ейди” ҳам. Шунинг учун, оддий жамғарувчи учун ҳам паст инфляция (паст фоиз ставкаси) юқори инфляция (юқори фоиз ставкаси) ҳолатидан афзалроқ ҳисобланади.

Юқоридаги мисол келтирилган Рагурам Ражамнинг «I Do What I Do» китоби ажойиб тарзда, кенг омма учун ёзилган. Айниқса, ҳозирги Марказий банкнинг раҳбар ҳодимлари учун келгусида жуда яхши қўлланма бўлиши мумкин..

Инфляция қандай ҳаракатланади? Назарий ёндашув (1-қисм)

Инфляция бўйича энг кенг тарқалган ғоя — “Инфляция бу — ҳар ерда ва ҳар доим монетар феномен” — машҳур иқтисодчи Милтон Фридманга тегишли бўлиб, унга кўра инфляциянинг асосий сабаби иқтисодиётда ортиқча пул массасининг кўпайиб кетишидир. Ҳақиқатда ҳам шундайми? Бу фикр қанчалик тўғри?

Ушбу фикрнинг асосида “Пулнинг миқдорий назарияси” ётади.

Пулнинг миқдорий назарияси қуйидаги айният билан бошланади: 

MV ≡ PQ,

Бу ерда,

Мпул таклифи;

V – пулнинг айланиш тезлиги;

P – нархлар даражаси;

Q – ишлаб чиқариш ҳажми.  

Мазкур айният тавтология бўлиб, унга кўра товар ва хизматлар бўйича операциялар миқдори ушбу операцияларни бажариш учун зарур бўлган пул миқдорига тенг. Пулнинг миқдорий назарияси эга бўлиш учун юқоридаги формула бўйича қуйидаги фаразлар (гипотезалар) ва сабаб-оқибат муносабатлари содир бўлиши керак:  

1. Пул таклифи ўзгармас ёки ўзгармас фоиз ставкада ўсади ва у пул мультипликатори орқали Марказий банк томонидан бошқарилади;

2. Пулнинг айланиш тезлиги ўзгармас (харидларни амалга ошириш одатимиз стабил);

3. Ишлаб чиқариш ҳажми ўзининг потенциалида ёки ўзининг табий (натурал) ўсиш суратида ўзгаради. Таклиф омиллари (ишлаб чиқариш қувватлари) талаб омилларига (товар ва хизматлар сарфларига) боғлиқ эмас.

Шу гипотезаларга кўра юқоридаги формула бундай кўриниш олади:

P = MV/Q

Буни ўсиш сурати орқали қуйидагича ифода этиш мумкин:

g(P) = g(M) – g(Q)

Агар пул таклифи ўсиши потенциал (натурал) иқтисодий ўсиш суратидан тезроқ бўлса, инфляция вужудга келади. (Масалан, g(v)= 15%, ва g(Q) =5%, шунда инфляция g(P) = 10% бўлиши керак.) Агар Марказий банк пул таклифи ўсиш суратини оширса, потенциал ўсиш сурати ўзгармаган ҳолда худди шу фоиз пунктга инфляция сурати ортади. Яъни, инфляция фақат монетар феномен.

Иқтисодий механизм кандай ишлайди?

Дастлаб, фараз қилинадики, пул иқтисодий агентлар қўлига тушади. Савол туғилади, қандай қилиб уларнинг қўлига пул тушади?

Милтон Фридман иқтисодчилар пулнинг иқтисодиётга қандай кириб бориши ҳақида бош қотирмаслиги кераклиги деган фикр билан ҳам машҳур; шунчаки пул вертолётдан тушади деб фараз қилиш мумкин дейди. Юқоридаги биринчи гипотезага асосан, Марказий банк резерв яратиш орқали банк тизимига қўшимча пул киритади. Бу эса банк кредитлари ҳажмини ортишиги олиб келади.

Демак, иқтисодий агентларда кўпроқ пул инструментлари пайдо бўлади. Улар уни жамғариши ҳам мумкин. Бироқ, иккинчи гипотезага кўра, улар жамиғариш учун зарур бўлган пулни аллақачон жамғариб улгурган. Шунинг учун, пул дарҳол сарфланади.

Иқтисодиёт ўзининг  потенциалида эканлигидан, унинг учун ортиқча пайдо бўлган талабни қондиришнинг ягона йўли — бу нархларнинг ошиши ҳисобланади.

 Шундай қилиб, пул – иқтисодиёт учун нейтрал ва ишлаб чиқариш ҳажмига таъсир кўрсатмайди.

Бундан келиб чиқадики, Марказий банк учун инфляцияни назорат қилиш жуда осон. Марказий банк, шунчаки, инфляция таргетини белгилаши ва натурал (табиий) ўсиш суръатини аниқлаши керак.

Масалан инфляция таргети g(P) = 8% бўлса ва табиий ўсиш сурати g(Q) =5%,  шунда пул массасининг ўсиш сурати g(м)= 13% бўлиши керак. Стабил пул мултипликатори мавжуд деб фараз қилинса, Марказий Банк резерв пулларни 13%га кўпайтириши етарли бўлади.

Бироқ, бу ёндошувнинг бир қатор муаммолари мавжуд:

Биринчидан, пул таклифи Марказий банк томонидан тўлиқ назорат қилинмайди, яъни иқтисодиётда стабил пул мултипликатори мавжуд эмас. Аксинча, пул массасининг ўсиши иқтисодий агентларнинг кредитга бўлган талабига ва ҳукуматнинг ҳаражат ва даромадига боғлиқ;

Иккинчидан, иқтисодиёт камдан-кам ҳолатда ўзининг потенциалида бўлади. Бошқача айтганда, товар ва хизматларга бўлган талаб ишлаб чиқариш ҳажмини (таклифни) оширади;

Учинчидан, иқтисодий ўсишнинг табиий даражасини аниқлаш жуда ҳам қийин. Энг муҳими эса, талаб омиллари узоқ муддатда ҳам аҳамият касб этади;

Тўртинчидан, инфляция ва пул массаси ўртасидаги коррелациянинг мавжудлиги бир ўзгарувчи бошқа бир ўзгарувчини ўзгаришини келтириб чиқармоқда деб айтишга хулоса бермайди (“correlation is not causation”). Бошқача айтганда, математик айниятдан сабаб-оқибат муносабатларини ўрнатиб бўлмайди. 

Инфляция қандай пайдо бўлади?(2-қисм)

1-қисмда инфляция борасида жуда кенг тарқалган бироқ, тўғри бўлмаган ғоя ҳақида тўхталиб ўтдик. Яъни, инфляция бу фақат монетар феноменмаслиги, Марказий банк иқтисодиётда пул таклифи устидан тўлиқ назоратни амалга оширолмаслиги ва инфляцияни таргетлаш ва унга эришиш ҳар доим ҳам китоблар фараз қилганидек осон эмаслиги тушунтирилди.

Агар юқоридаги фикрлар нотўғри бўлса, табиий савол туғилади – инфляция қандай пайдо бўлади? Пул таклифининг кўпайиши ҳар доим инфляцияга олиб келадими? Қандай факторлар инфляцияни келтириб чиқаради?

Пул таклифининг ортиши — жуда кўпчилик иктисодчилар фикрича ва 99% монетар сиёсатга бағишланган китобларда қайд этилишича — инфляцияни келтириб чиқаради. Шунинг учун, инфляцияни жиловлаш учун Марказий банк пул таклифи ортишини, кредит ўсишини чеклаши керак ва жуда кўп Марказий банклар, шу жумладан Ўзбекистонники ҳам шундай чораларни кўради.

Афсуски, бу иситмани қорин оғриғига қарши дори билан даволашдек гап. Қуйида инфляция аслида қандай пайдо бўлиши тушунтирилган.

Нархлар даражаси (инфляция) бўйича яна бир назария қуйидаги макроиқтисодий айният билан бошланади:

PQ ≡ W + U

Мазкур ифода ЯИМни ҳисоблашнинг даромад усули бўлиб, унга кўра номинал ЯИМ бу барча даромадларнинг йиғиндисига тенг. Соддалаштириш мақсадида иқтисодиётда икки хил даромад бор деб қабул қиламиз — ялпи иш ҳақи (W) ва ялпи фойда (U). Ифодани ҳар икки томонини Q га бўламиз:

P ≡ W/Q + U/Q

Ялпи иш ҳақи (W) — ўртача иш ҳақи миқдори (w) ва ишланган вақтнинг (L) кўпайтмасига тенг: W = wL (масалан, агар иш ҳақи (w) соатига 10 минг сўм бўлса ва 10 соат ишланса (L) бўлса, шунда W 100 минг сўм бўлади). Демак:

P ≡ wL/Q + U/Q

Q/L шунда бир бирлик махсулот ишлаб чиқариш учун сарфланадиган вақт (соат) ёки ўртача меҳнат унумдорлиги (APL):

P ≡ w/APL + U/Q

w/APL – бир бирлик ишчи кучининг баҳоси. U/Q – макроиқтисодий устама (macroeconomic markup).

Назария қуйидаги фаразлар/гипотезаларга асосланган:

Иқтисодиёт одатда тўлиқ қувват билан ишламайди ҳамда ишлаб чиқариш (Q) ва иқтисодий ўсиш ялпи талабга нисбатан ўзгариб боради (Бу Кейнснинг самарали талаб назарияси деб ҳам номланади);

Ўртача иш ҳақи миқдори (w)нинг даражаси иш берувчи билан келишилиб ўрнатилади ва ишчиларнинг нисбий кучига (иш берувчиларга нисбатан) боғлиқ;

Номинал ялпи фойда (U) ялпи талабга боғлиқ (М.Калецкийнинг фойда назарияси);

APL  — ўртача самарадорлик макроиқтисодий ҳолатнинг функцияси, яъни у ялпи талабга проциклик (талаб ортса ортади, тушса тушади). Иқтисодий пасайиш даврида ишлаб чиқариш самарадорлиги ишчилар ишдан бўшатилишидан олдин пастлайди.

Демак қуйидаги ифодага асосан

P = w/APL + U/Q,

нархнинг даражаси бир бирлик ишчи кучининг баҳоси ва макроиқтисодий устаманинг ўзгариши натижасида ўзгаради. Юқоридаги формулани ўсиш суратлари орқали қуйидагича ёзиш мумкин:

gp ≈ (gw – gAPL)sW + (gU – gQ)sU

Бу ерда, sW ва sU – иш ҳақи ва фойданинг ялпи даромаддаги улушлари бўлиб, уларнинг йиғиндиси бирга тенг (sW + sU = 1). Шундай қилиб, инфляция иккита манбага эга:

Харажатдан келиб чиқувчи (Cost-push inflation): Ишчи ҳақи даражаси меҳнат унумдорлигига нисбатан қанча тез ўсса шунча юқори инфляцияни келтириб чиқаради. Инфляция ва ишчи кучи баҳосининг ўзгариши ўртасида жуда кучли боғлиқлик мавжуд;

Талабдан келиб чиқувчи инфляция (Demand-pull inflation): Бунда, gU – gQ  ялпи талабнинг иқтисодиётга босимини акс эттиради, (output gap).Сабаби,

Калецкийнинг назариясига кўра, фойда даражаси ялпи талабнинг функциясидир. Агар ялпи талаб (gU) ортса ва  ялпи таклиф (gQ) ўзгармаса, шунда бошқа факторлар ўзгармаганда нархлар (gP) кўтарилади. Агар иқтисодиёт ўзининг потенциалида бўлмаса ялпи таклифни (gQ) ўзгармас деб фараз қилиш, нотўғри бўлади. Одатда, ялпи талаб учун позитив шок ялпи таклифнинг ҳам ўзгаришига олиб келади, сабаби узоқ муддатда ҳам утилизация даражаси (яъни корхоналарда доимо ишлаб чиқаришни ошириш имконияти бўлади) 1 дан паст бўлади.

Агар эътибор берсак, юқоридаги формулада пул таклифи мавжуд эмас. Пул таклифи тўғридан-тўғри ишлаб чиқариш нархига таъсир ўтказмайди. Албатта, сарф-ҳаражат инфляцияга таъсир этиши мумкин, лекин бу ҳам иқтисодиёт ҳолатига боғлиқ. Ёлғиз иш ҳақи ўзгаришининг эмас, балки унинг меҳнат унумдорлигига нисбатан қандай тезликда ўзгариши муҳим.

Пулнинг иқтисодиётда қандай яратилиши билан боғлиқ ҳолда, бу назария орқали нарх ва пул таклифи ўртасидаги коррелацияни кўриш мумкин. Аммо, “пулнинг миқдорий назарияси”га қарама-қарши ҳолда, мазкур назарияга кўра боғлиқлик тескари равишда ҳаракатланади:

Юқори ишлаб чиқариш ҳаражатлари ва юқори талаб босими товар ва хизматлар нархини кўтаради, бу эса иқтисодиётда банк тизими томонидан юқори суратда пул яратилишини тақозо этади. Яъни, юқори нарх-наво юқори пул таклифини келтириб чиқаради.

Бошқача айтганда, пул массаси ўсишининг ўзи инфляцион эмас, сабаби пул таклифи иқтисодиётдаги талабга қараб ўзгариб боради. Шунинг учун, инфляцияни сабабларини тўғри аниқлаш — ишлаб чиқариш жараёнига нисбатан пул массасининг пайдо бўлиши ва унинг муомаладан чиқишини тушуниш ҳамда пулнинг яралиши оқибатида пайдо бўладиган қарзни ҳам таҳлил қилишни тақозо этади. Агар иқтисодиёт ўсаётган бўлса, албатта пул таклифи ортиши табиий жараёндир.

Инфляция бўйича сиёсатни юритиш учун бу қандай аҳамият касб этади?

Албатта, юқоридаги назария инфляциянинг монетар омилларини рад этмайди, бироқ кўп ҳолатларда (бизнинг шароитда ҳам) юқори инфляциянинг таг илдизи жуда паст меҳнат унумдорлиги, иқтисодиётнинг юқори монополлашув даражаси ва валюта (сўм) курсининг пасайиб боришига тақалади.

Хулоса қилиб айтганда, монетар сиёсатнинг инфляцияга тўғридан-тўғри таъсири унчалик кучли эмас. Шундай экан, Марказий банк томонидан фоиз ставкасининг юқори ўрнатилиши ундан келадиган бошқа салбий оқибатлар билан бирга, ҳаражат сифатида инфляциянинг ортишига ижобий ҳисса қўшаётган бўлиш эҳтимоли ҳам юқори.

Нима қилиш керак дейсиз-ми?

Монетар тарихчи Клаудио Борио айтганидек, монетар сиёсат бўйича китобларда ва универститетда ўрганган билимларимизни қанчалик тез деразадан улоқтирсак, шунчалик тез инфляция бўйича мақсадимизга эришамиз.

Матнда хатолик топсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter. тугмаларини босинг!

Бу пост канчалик фойдали булди?

Бахолаш учун юлдузни босинг!