Бухорода заргарлик буюмлари маркази ташкил қилинди.

Автор: | 03.10.2019
image_pdfimage_print

Бухоро  ихтисослаштирилган санъат мактабида вилоят ва шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, прокуратура, Ички ишлар ҳамда давлат солиқ бошқармалари масъул ходимлари, қимматбаҳо металл буюмлар ясаш ва сотиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти ва ундан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланди. Уни кириш сўзи билан очган Бухоро шаҳар ҳокими К.Камолов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги «2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарори ижросидан келиб чиқадиган вазифалар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтди. Йиғилишда «Карвон буюм бозори» жорий йилда бошқа ҳудудга кўчирилиши муносабати билан тилла буюм савдоси билан шуғулланувчиларни Бухоро шаҳрининг эски шаҳар қисмига яқин ҳудудда жойлашган замонавий савдо мажмуасига кўчириш масаласи муҳокама қилинди. Қайта қуриладиган “Карвон буюм бозори”даги айни пайтдаги аҳвол, заргарлик буюмлари билан савдо қилиш тадбиркорларнинг фаолият турига тўғри келмаслиги ва ноқонуний тарзда, тартибсиз кўринишдаги савдо расталари бугунги кун талабига жавоб бермаслиги алоҳида таъкидланди.

Учрашувда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Умаров  маҳаллий заргарлик тармоғини тиклаш ва уни ривожлантиришда янгича тизим ишлаб чиқилишини айтиб ўтди. Қайд этилганидек, йил якунига қадар вилоятда камида иккита  заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришдан тортиб, сотишгача бўлган тўлиқ жараённи ўз ичига олувчи замонавий заргарлик марказлари ташкил этилади. Унда фаолияти лицензияланган, асиллик тамғаси мавжуд уста-заргарлар фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлади. Ушбу марказда ўзи ишлаб чиқарган заргарлик буюмларини бевосита тайёрлаш жараёнини кузатиш, хорижий ва маҳаллий туристлар учун мастер-класслар уюштириш кўзда тутилган.

Шу нуқтаи назардан, тадбиркорларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида Бухоро шаҳрининг “Афросиёб” кўчасида заргарлик буюмлари маркази ташкил қилинганлиги, “Korzinka-2” савдо уйи жойлашган бинонинг 2-қаватида “Галаосиё омад инвест” МЧЖ томонидан қиймати 5 миллиард  сўмга тенг 80 та иш ўрнига мўлжалланган 40 та савдо шахобчаси ҳозирлангани айтиб ўтилди.

Мулоқотда иштирок этган масъул идоралар вакиллари муҳокамага оид фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Мунозарада тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Матнда хатолик топсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter. тугмаларини босинг!

Бу пост канчалик фойдали булди?

Бахолаш учун юлдузни босинг!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *